Ҳуқуқ фаоли Акмал Шароповга нисбатан суд ҳукми бекор қилинди

Ўзбекистон Олий судининг кассация судлов ҳайъати 11 август куни бухоролик 35 ёшли ҳуқуқ фаоли Акмал Шароповга нисбатан Бухоро вилояти судининг шу йил 2 мартидаги ҳукмини бекор қилди. Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.

А. Ташановга кўра, кассация ҳайъати Шароповнинг адвокатлари У. Давлатов ҳамда Р. Бозоровлар томонидан келтирилган кассация шикоятидаги важларни қаноатлантириб, суд мажлисига фуқаролик жамияти вакиллари, инсон ҳақлари ташкилотлари ҳамда журналистларнинг киришига рухсат берган. Шунингдек, маҳкамада аудио ёзувларни қайд этиш учун имконият яратилган.

Адвокат Умид Давлатовга кўра, суд ҳукмиининг бекор қилиниб, ишнинг қайта кўриш учун юборилиши кассация судидан кутилган энг яхши натижадир.

“Шу йил бошида кассация судидан бир қанча ваколатлар олиб ташланган. Жумладан, суд тергови ҳам. Бизнинг бугунги судга киритган илтимосномаларимиз айнан суд тергови билан боғлиқ эди. Кассация ҳайъати адолатсиз ҳукмини узил-кесил бекор қилгани ҳолда Шароповни оқлай олмагани (ишни қайта кўриш учун қуйи судга юборгани) ҳуқуқий талабдир”, деди У. Давлатов.

Суд ажримига кўра, инсон ҳуқуқлари фаоли аввалроқ Акмал Шаропов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-моддаси 1-қисми (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан айбланиб, 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Ҳозирги кунда у Ички ишлар вазирлиги ЖИЭББ тизимидаги 11-сонли колонияда жазо муддатини ўтамоқда.

Тошкент давлат юридик институти битирувчиси Акмал Шаропов 2010 йилда ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) бандларидаги ҳолатлар бўйича айбдор топилиб, қамалган ва 2020 йилда озодликка чиққанди.

Акмал Шаропов Бухорода ҳуқуқ фаоли сифатида якка тартибда фаолият олиб борган, ҳуқуқ ҳимоячи ташкилотларига аъзо бўлмаган.