Икки йилдан сўнг Ўзбекистонда 200 минг сўмлик купюра муомалага чиқарилади

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов

Ўзбекистон Марказий банки 2024 йилдан эътиборан 200 минг сўмлик купюра чиқаришни режалаяпти. Бу ҳақда, маҳаллий нашрлар хабарларига кўра, МБ раиси Мамаризо Нурмуродов 20 январь куни Тошкентда ўтган матбуот анжуманида билдирган.

“Биз 2024 йилда 200 минг сўмлик чиқаришни режалаштирганмиз. Шу билан бирга, муомаладаги нақд пулни оптималлаштириш жараёнини ҳам амалга оширяпмиз”, дея иқтибос келтирган М. Нурмуродов сўзларидан “Дарё” нашри.

Мулозим келажакда 1000 сўмлик банкнотлардан воз кечилиб, унинг ўрнига шу қийматдаги танга чиқарилишини ҳам қўшимча қилган.

МБ қайдича, Ўзбекистонда ўтган йилларда муомаладаги нақд пуллар таркибида асосан йирик номиналдаги банкнотлар салмоғининг ошиши ҳисобига банкнотлар умумий сони сезиларли даражада камайган.

“2021 йил давомида муомалага чиқарилган нақд пуллар таркибида уларнинг сўмдаги миқдори бўйича 100 000 сўмлик банкнотлар улуши – 27,3 фоиздан 34,8 фоизга етган бўлса, 50 000 сўмликнинг улуши – 38,8 фоиздан 34,2 фоизга, 10 000 сўмликнинг улуши – 15,7 фоиздан 14,5 фоизга, 5 000 сўмлик – 16,1 фоиздан 12,7 фоизга, 1 000 сўмгача – 2,1 фоиздан 1,4 фоизга тушди. Шунингдек, 2 000 сўмлик (0,3 фоиз) ва 20 000 сўмлик (2,1 фоиз) намунадаги банкнотлар муомалага киритилди”, дейилган Марказий банк ҳисоботида.