Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига 12 миллион сўмдан пул мукофоти бериладиган бўлди

Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 12 миллион сўм (ёки тақрибан 1150 АҚШ доллари – таҳр.) миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади. Бу ҳақда мамлакат президенти томонидан 2021 йил 20 апрелида имзоланган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонда билдирилган.

Мазкур қарор “фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида” қабул қилингани айтилмоқда.

Фармонни бажариш билан боғлиқ бўлган сарф-харажатларни республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириш кўзда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда Ватан озодлиги ва шон-шарафи ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маданий-маърифий кечалар ўтказиш вазифаси юклатилган.