Ўзбекистон Афғонистонга навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини жўнатди

Ўзбекистон 19 апрель куни Сурхондарё вилоятидаги чегара орқали Афғонистоннинг Балх вилояти шимолидаги Ҳайратон шаҳрига 185 тоннадан ортиқ инсонпарварлик ёрдамини етказиб берди. Бу ҳақда Сурхондарё вилоят ҳокимлиги маълум қилди.

Инсонпарварлик ёрдами 48 тонна ун, 48 тонна буғдой, 15,7 тонна ўсимлик ёғи, 10 минг 20 дона консерваланган гўшт маҳсулотлари, 22 тонна макарон, 24 тонна шакар ҳамда 100 минг дона тез тайёрланадиган лапшадан иборат.

Ёрдамни Ҳайратон шаҳрида Толибон ҳукумати расмийларига президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Орипов топширди.

Ўзбекистон Толибон 2021 йилнинг 15 августида Кобулни эгаллаб, ҳукуматга келганидан бери бир неча маротаба Афғонистонга гуманитар ёрдам жўнатди. Тошкент 1300 тоннадан иборат илк инсонпарварлик ёрдамини Афғонистонга 2021 йилнинг 15 сентябрида етказиб берганди.

Сурхондарё вилоятида Афғонистонга гуманитар ёрдамларни жўнатувчи Termez Cargo Centre хаби ташкил этилган эди. Мазкур хаб орқали БМТ ҳам Афғонистонга гуманитар ёрдамларини жўнатган.