Икки кунда икки оиланинг 8 аъзоси ис газидан вафот этди

Бухоро вилоятининг Жондор туманида ёнғин оқибатида келиб чиққан ис газидан эр-хотин ва уларнинг 2, 7, 11 ёшдаги фарзандлари вафот этди. Бу маълумотни вилоят прокуратураси тасдиқлади.

Расман билдирилишича, Охших қишлоғидаги уйлардан бирида 36 ёшли эр, 34 ёшли хотин ва уч боланинг жасади топилган.

Вилоят прокуратураси Жиноят кодексининг 259-моддасининг 2-қисми (ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг шу қоидалар бажарилиши учун масъул бўлган шахс томонидан бузилиши) асосида жиноят иши очди.

Тошкент вилоятининг Чиноз туманида ҳам 4 декабрь куни «Хўжа» маҳалласида 28 ёшли эр, унинг 20 ёшли хотини ва 2022 йилда туғилган боласи ис газидан заҳарланиб вафот этгани қайд этилган эди.

Дастлабки текширув натижасида 3 декабрь куни 7,5 миллион сўм қарздорлиги бор мазкур хонадон газдан узиб қўйилган. Уй эгаси ўзбошимчалик билан газ таъминотига уланиб олган.

Ўзбекистонда қиш мавсуми бошланиши билан “ис газидан заҳарланиш” ҳолатлари кўпайишини кузатиш мумкин. Бунинг натижасида мамлакатда ҳар йили юзлаб одам нобуд бўлади.

10 ноябрдан 5 декабргача бўлган даврда маҳаллий матбуотдаги хабарлардан келиб чиқилса, камида 19 киши ис газидан заҳарланиб вафот этган.

Мутахассислар бу каби ҳодисаларга фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик, қўлбола ясалган печлардан фойдаланиш сабаб бўлаётганини билдиришган. Аммо йиллар ўтгани сари бу муаммо бартараф этилиши ўрнига кучайиб бормоқда.

9 февраль куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев Ўзбекистонда 2022 йилнинг 1 январидан 8 февралигача ис гази билан боғлиқ 21 ҳолат қайд этилгани, уларда жами 36 киши ҳалок бўлгани ва 19 киши заҳарлангани тўғрисида билдирган.

Вазирлик расмийси ўтган йили ис гази билан боғлиқ 74 та ҳолат аниқланганини, ис газидан 128 киши ўлгани ва 67 киши заҳарланганини айтди.

2020 йилнинг 16 декабрида ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев бир йилда 56 та ис газидан заҳарланиш ва 106 та чақнаш ҳолати оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этгани, 190 нафари заҳарлангани ва куйиш тан жароҳатини олганини таъкидлаган.

Ўша йиғилишда президент Бош вазир зиммасига ФВВ Ёнғинга қарши курашиш бошқармаси фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, уни тубдан ислоҳ қилиш ва янги тизим яратиш юзасидан таклиф бериш вазифасини юклаган эди.