Иштихонда туман ҳокимлиги ходими “My5” камерасининг хотира картасини чайнаб ташлагани иддао қилинди

Иштихон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ходимининг “My5” телеканали камераси хотира картасини чайнаб ташлагани айтилмоқда (Kun.uz фотоси)

Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида ҳокимлик ахборот хизмати ходими, маҳаллий матбуотда чиққан хабарларга кўра, “My 5” телеканалига тегишли камеранинг хотира картасини чайнаб, йўқ қилган.

Қайд этилишича, 14 июнь куни “My5” телеканали вакиллари Иштихон деҳқон бозорида юз берган ёнғин ҳақида материал тайёрлаш учун воқеа жойига борган.

Тележурналистлар у ерда Иштихон тумани ҳокимлиги вакили Илҳом Бобоев қаршилигига учраган. Суратга олиш жараёнида ахборот хизмати ходимининг камера картасини суғуриб олаётгани ҳам тушиб қолган.

“My5” мухбири Kun.uz нашрига ижодий гуруҳ ёнғин содир бўлган ҳудудга борган пайтда маҳсулотлари ёниб кул бўлган тадбиркорлар билан суҳбатлашаётган туман ҳокимини учратгани ва ҳолат бўйича қисқача изоҳ ҳам олганини маълум қилган.

“Бироқ ҳокимлик ахборот хизмати айнан ёнғин жойидан тасвирлар олишимизга қаршилик кўрсатиб, муаммо ҳал бўлганини айта бошлади. Биз ҳеч қандай муаммони эмас, бўлган воқеани ёритмоқчимиз, дейишимизга қарамасдан қаршилик кўрсатишда давом этди. Кейин эса тўсатдан камерамиздан хотира картасини олиб қўйди. Шерикларим унинг картани оғзига солиб чайнаб юборганини айтмоқда. Ахборот хизмати ходими картани чайнаб йўқ қилдими, ютиб юбордими, нима қилди - аниқ билмайман. Аммо унда жуда муҳим ишларимиз бор эди. Тезда вазиятга ИИБ ходимлари аралашиб, Илҳом Бобоевнинг бизга қаршилигини тўхтатди, аммо барибир хотира картасиз қолдик", дея иқтибос келтирган нашр “My5” мухбири сўзларидан.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги мазкур ҳолат ўрганилаётганини билдирган.

“Иштихон туманида ҳокимлик матбуот хизмати ва журналист билан боғлиқ ҳолат вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ҳамда АОКА ҳудудий бошқармаси томонидан иккала томон иштирокида тўлиқ ўрганиб чиқилиши белгиланди”, дейилган ҳокимлик хабарномасида.