Истанбулда денгиз соҳилидан топилган ўлик Ўзбекистон фуқароси экани тасдиқланди

Истанбул манзараси.

Истанбул шаҳрининг Кадикой туманидаги денгиз соҳилидан топилган жасад Ўзбекистон фуқароси Рахматилло Ибадов экани тасдиқланди, деб билдирди Ўзбекистоннинг Истанбулдаги консулхонаси.

Бош консулхона 27 февраль куни Истанбул шаҳрининг Кадикой туманидаги денгиз соҳилидан топилган жасад Ўзбекистон фуқароси булиши мумкинлиги тахмин қилинаётгани тўғрисида билдирган эди.

“Рахматиллонинг яқин қариндошлари топилиб, ДНК тести олишга эришилди. Натижада жасад Ибадов Рахматиллога тегишли эканлиги аниқланиб, 8 март куни қариндошлари томонидан “Истанбул-Самарқанд” самолёти орқали Ўзбекистонга олиб кетилди”, дейилади расмий билдирувда.

Айни пайтда Ўзбекистон фуқаросининг ўлимига нима сабаб бўлгани ва бу борада қай тарзда тергов ишлари олиб борилаётгани тўғрисида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Сўнгги марта оммавий ахборот воситаларида 2019 йилнинг 30 майида Истанбулнинг Гўзтепе маҳалласида гиламга ўралган ўзбекистонлик аёл жасади топилгани хабар қилинган эди.

Ўша йилнинг 31 май куни эса Истанбулнинг Чекмекой мавзесида наманганлик 31 ёшли Одилжон Ҳамзаев пичоқлаб кетилган ва хабарларда унинг воқеа жойида ўлгани айтилган эди.

Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, мазкур жиноятда гумонланиб Ўзбекистон фуқароси Ш.С. қўлга олинган.