Истанбулдан Урганчга учаётган учоқ об-ҳаво шароити туфайли Тошкентга қўнишга мажбур бўлди

Истанбул-Урганч йўналиши бўйлаб парвоз қилаётган учоқ об-ҳаво шароитининг ёмонлиги (қор ёғиши кучайгани) важидан 18 январь оқшомида Тошкентдаги аэродромга қўнишга мажбур бўлган. Бу ҳақда Uzbekistan Airports ширкати матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Uzbekistan Airways авиаширкатига қарашли мазкур учоқ бортида 98 нафар йўловчиси билан пойтахтдаги аэропортга маҳаллий вақт билан соат 19:29 да қўнгани, йўловчилар 19 январь тонгигача меҳмонхонага жойлаштирилгани айтилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, учоқ Тошкентдан Урганчга эрталабки 07:15 да учиши кутиляпти.

Uzbekistan Airports вакиллари шиддатли қор туфайли 18 январь куни Урганч аэропорти вақтинча ёпилгани, шу сабабли Қозон – Урганч ва Москва – Урганч рейслари ҳам амалга ошмай қолганини билдиришган. Мазкур рейслар ҳам чоршанба тонгида амалга оширилиши қўшимча қилинган.