Истанбулга учиб кетаётган Қозоғистон учоғи Урганч аэропортига ошиғич қўнишга мажбур бўлди

Fly Arystan авиаширкати учоқларидан бири

Қозоғистоннинг Туркистон шаҳридан Туркиянинг Истанбул шаҳрига парвоз қилаётган Fly Arystan авиаширкати учоғи 4 январь куни соат 18:05 да Урганч аэропортига қўнишга мажбур бўлган.

Uzbekistan Airports матбуот хизмати маълумотига кўра, бунга туркиялик йўловчининг учоқ бортида ўзини ёмон ҳис қилиб, тиббий ёрдамга эҳтиёж сезгани сабаб бўлган. Бунинг ортидан ичида 150 нафар йўловчи бўлган учоқ экипажи энг яқин аэропортга қўнишга қарор қилган.

Учоқ Хоразм вилояти марказидаги аэропортга қўнганидан кейин хаста йўловчи “тез ёрдам”да Урганч касалхонасига олиб кетилган.

Uzbekistan Airports Қозоғистон учоғи яқин соатлар ичида кўзланган манзил томон йўл олишини қўшимча қилган.