IT-танлов ғолибига эски ноутбук берган ҳоким ўринбосари ҳайфсан олди. Ғолибга янги ноутбук берилмади

IT-танлов ғолиби бўлган ўқувчи ўзига совға қилинган эски ноутбукдаги инвентарь ёзувини намойиш қилмоқда (видеоскриншот)

Самарқандда ўтган “Бир миллион ўзбек дастурчилар” танловида ғолиб бўлган 8-синф ўқувчиси Сардор Сатторовга ишлатилган эски ноутбукни мукофот тарзида берган Нуробод тумани ҳокимининг ўринбосари ҳайфсан олди.

“Газета.uz” ва “Дарё уз”нинг билдиришича, бу ҳақда Нуробод тумани матбуот хизмати хабар берди.

Туман матбуот хизмати ҳоким ўринбосари Наврўз Жалалиддиновга нисбатан “Меҳнат кодексининг 181-моддаси (интизомий жазолар) 1-бандига асосан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилган”и ҳақида билдирлган. Аммо расмий хабарда ғолибга берилган эски ноутбук янгисига алиштирилгани ёки алиштирилмагани тўғрисида бирорта маълумот берилмаган.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда Самарқандга борган Restar жамоаси Сардор Сатторовга янги ноутбук сотиб олгани ва уни ғолибнинг уйига бориб совға қилгани тўғрисидаги видеолар тарқалди.

Аввалроқ Озодлик радиоси “Бир миллион ўзбек дастурчилар” танловида ғолиб бўлган 8-синф ўқувчиси Сардор Сатторовга ишлатилган эски ноутбук берилгани тўғрисида хабар қилган эди.