Италия президенти Тошкентга келди. У Самарқанд ва Хивага саёҳат қилади

Италия президенти Сержо Маттареллани Тошкентда бош вазир Абдулла Арипов кутиб олди.

9 ноябрь куни Тошкентга етиб келган Италия президенти Сержо Маттарелланинг Ўзбекистонга расмий ташрифи 11 ноябргача давом этади. Президент матбуот хизматининг билдиришича, Маттарелла Ўзбекистонга Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан келган.

Икки президент учрашувида Ўзбекистон билан Италия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.

Ўзбекистон президентининг жорий йил июнь ойидаги Италияга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилади.

Музокаралар якунида қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Шунингдек, Сержо Маттарелла Самарқанд ва Хива шаҳарларига саёҳат қилади.