Мирзиёев ИҲТ саммитида ҲАМАС ва Исроилни оташкесимга чақирди

Шавкат Мирзиёев Тошкентда ўтаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти – ИТҲ саммитида Яқин Шарқдаги вазият “глобал тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солаётгани” ҳақида гапирди ҳамда ҲАМАС ва Исроилни оташкесимга чақирди.

"Минг афсуски, бу қонли низо оқибатида аввало, тинч аҳоли вакиллари, айниқса, аёллар, болалар ва кексалар кўплаб қурбон бўлмоқда. Урушнинг минтақа бўйлаб ёйилиб кетиш хавфи тобора реал тус олмоқда.

Қарама-қаршиликнинг кенг кўламли низога айланиб кетишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Биз томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга, тинч музокараларни бошлаш, оқилона муросага келишга чақирамиз.

Фаластин халқи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюциялари билан тасдиқланган ҳуқуққа, яъни, ўзининг мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқига эга, деган қатъий позициямизни яна бир бор билдирамиз",
- деди Шавкат Мирзиёев.

Тошкентда 9 ноябрда ўтаётган ИҲТнинг 16-саммитида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Эрон президенти Иброҳим Раисий, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Қозоғистон бош вазири Алихан Смаилов, Покистон муваққат ҳукумати раҳбари Анвар ул-Ҳақ Какар ҳамда ИҲТ бош котиби Хусрав Нозирий иштирок этмоқда.

Саммитда савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникациявий ва гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда ташкилот фаолиятини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилади.

Саммитда иштирок этиш учун делегациялар Тошкентга 8 ноябрда кела бошлаган эди. Саммит доирасида президент 9 ноябрь куни Қирғизистон, Туркия президентлари, Покистон муваққат ҳукумати раҳбари ва ИҲТ бош котиби билан музокаралар ўтказади.

1985 йилда асос солинган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига Ўзбекистон 1992 йилда аъзо бўлган. Ташкилотнинг доимий фаолият юритувчи котибияти Эрон пойтахти Теҳронда жойлашган.

Саммит муносабати билан 8-9 ноябрларда Тошкент марказий кўчаларида транспорт ҳаракати чекланади.