Ўзбекистoн халқ шоири Жамол Камол вафот этди

Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол.

Ўзбекистoн халқ шоири Жамол Камол 27 сентябрь куни 84 ёшида вафот этгани тўғрисида Ёзувчилар уюшмаси маълум қилди.

Марҳум бугун Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 17-даҳа 21-уй 27-хонадондан сўнгги манзилга кузатилади. Жаноза аср намозидан сўнг Юнусобод туманидаги Оқтепа масжидида ўқилади.

1938 йил Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган Жамол Камол Бухоро педагогика институтининг филология факультетини тугатган (1959). У Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилояти бўлимида масъул котиб (1970−72), Ўзбекистoн Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида аспирант ва илмий ходим (1972−86) бўлиб ишлаган.

Лирик шеър тузилиши бўйича илмий тадқиқот олиб борган. Faфур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир (1986−88), Ўзбекистoн Ёзувчилар уюшмаси раиси (1991−96) лавозимларида хизмат қилган.

Унинг “Олам кирар юрагимга” номли биринчи шеърий тўплами 1968 йилда чоп этилди. Шундан сўнг унинг ўндан ортиқ китоблари нашр этилди. Жамол Камол Шекспир, Жалолиддин Румий, Фаридиддин Аттор, Абдураҳмон Жомий каби кўплаб ижодкорларнинг ўттизга яқин асарларини ўзбек тилига ўгирган.

Жамол Камол 1992 йилда Ўзбекистон халқ шоири унвонига сазовор бўлган эди. Шекспирдан таржималари учун 2009 йилда Британия Қироличаси Елизавета II дан миннатдорчилик мактуби олган. 2016 йилда Тошкент аэропортига Ислом Каримов номи берилишига қарши чиққан эди.