Jazeera Airways авиаширкати март ойидан Қувайт–Тошкент авиақатновини йўлга қўяди

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов (суратда) Jazeera Airways вакилларини тез орада Ўзбекистонга авиарейсларни йўлга қўйишга рухсат олишларига кўмак беришга ишонтирган. 

Жорий йилнинг март ойидан Қувайт-Тошкент йўналиши бўйича мунтазам авиарейс очилиши мумкин. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов билан Қувайтнинг Jazeera Airways авиаширкати вице-президенти Равиндран Бхаратхан бошчилигидаги делегация ўртасида бўлиб ўтган музокаралар чоғида билдирилган.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати маълумотига кўра, музокара чоғида Қувайтдан Ўзбекистоннинг шаҳарларига тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш, Ўзбекистонга кувайтлик сайёҳлар оқимини ошириш ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

Қувайтликларга Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти, туризм соҳасидаги ислоҳотлар, фуқаролик авиаташувлари бозорини либераллаштиришга оид чора-тадбирлар, ҳудудий аэропортларда “очиқ осмон режими”нинг жорий қилиниши ҳақида батафсил маълумот берилган.

Қувайт делегацияси вакиллари баҳордан Тошкентга мунтазам авиақатнов очишдан ташқари келгусида Ўзбекистоннинг бошқа туристик марказларига рейсларни йўлга қўйишга қизиқиш билдиришган.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбарияти меҳмонларни Jazeera Airways авиаширкатининг Ўзбекистонга парвозлар географиясини кенгайтиришга доир ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлашга ҳамда тез орада авиарейсларни йўлга қўйишга рухсат олишга кўмак беришга ишонтирган.