Эрон ва Покистондан олиб келинган картошкада хавфли зараркунандалар борлиги аниқлади

Иллюстратив сурат.

Жорий йилнинг сентябридан то шу кунгача Эрон ва Покистондан Ўзбекистонга олиб келинган 110 минг тонна картошканинг 4300 тоннасида рангпар ва тилларанг нематодалар (паразит чувалчанглар) аниқланди.

Зараркундалар борлиги аниқланган картошканинг 3525 тоннаси ортга қайтарилди, тадбиркорлар томонидан қайтарилишининг имкони йўқлиги сабабли 775 тонна картошка махсус объектларда йўқ қилинди.

Ўзбекистон ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги матбуот котиби Сабина Садинова Тошкентда ўтган матбуот анжуманида бу тўғрида билдирар экан, нематодалар картошка ва полиз экинлари ҳосилига катта миқдорда зарар етказувчи паразитлар эканини айтди.

Унга кўра, жаҳонда ҳар йили нематодалар томонидан юз миллиард долларга яқин зарар етказилади. Нематодлар тарқалган жойларда 30 йил давомида картошка ва полиз экинларини етиштириш мумкин эмас.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги фитосанитария талабларини бузганлик учун Эрон ва Покистонга даъво юборган.

Агентликнинг билдиришича, жорий йилда Ўзбекистон Россия, Қозоғистон, Покистон, Эрон ва Қирғизистондан 400 минг тоннага яқин картошка импорт қилди. Мазкур импортнинг 24,4 фоизи Покистон, 38,5 фоизи Эрон ҳиссасига тўғри келади.