Кейинги ойдан Тошкент билан Ар-Риёд ўртасида мунтазам авиақатнов йўлга қўйилади

Ўзбекистон билан Саудия Арабистони пойтахтлари ўртасида жорий йилнинг 12 июнидан бошлаб мунтазам авиақатновни йўлга қўйиш режаланмоқда.

“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, бу ҳақда куни кеча Ўзбекистоннинг мутасадди вазирлик ва идоралари ҳамда Саудия Арабистонининг “Flynas” авиакомпанияси ва “Seera” туристик агентлиги вакиллари ўртасида видеоконференция шаклидаги ташкил этилган мулоқот чоғида билдирилган.

Мулоқотда Саудия Арабистони подшоҳлиги делегациясининг жорий йил январь ойида Ўзбекистонга ташрифи доирасида Бухоро шаҳрида ўтказилган бизнес-форумда “Uzbekistan airways” АЖ ва Саудиянинг “Flynas” авиаширкати ўртасида туризмни ривожлантириш тўғрисида имзоланган Англашув меморандумида белгиланган вазифаларнинг амалий натижалари хусусида фикр алмашилган. Шунингдек, Саудия Арабистонида Ўзбекистон туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш орқали саудияликларнинг Ўзбекистонга саёҳатларини уюштириш истиқболлари муҳокама қилинган.

“Flynas” вакиллари кейинги ойдан “Ар-Риёд–Тошкент–Ар-Риёд” йўналиши бўйича ҳафтасига уч марта мунтазам авиақатнов амалга ошириш режаланганини маълум қилишган.

Коронавирус пандемияси туфайли Саудия Арабистони ўтган йили ўз фуқаролари учун хорижга чиқиш бўйича вақтинча чекловлар ўрнатган эди. Айни пайтда мазкур мамлакат расмийлари саудияликларга коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланган давлатларга жорий йил 17 майидан бошлаб сафар қилишга рухсат берган.