Жорий йилнинг 1 декабридан эътиборан Тошкент метросида йўл ҳақини тўлаш учун жетон қабул қилиш тўхтатилади. Бу ҳақда “Тошкент метрополитени” ДУК матбуот хизмати маълумот тарқатди.
“Тўлов тизимида қулайлик яратиш мақсадида Тошкент метрополитенининг барча бекатлари QR кодли чипта, транспорт ва банк карталари ҳамда NFC функциялари орқали тўловларни амалга ошириш имконини берувчи стационар валидаторлар билан жиҳозланган”, дейилган хабарномада.
Тошкент метросида йўловчилар учун жетонларни сотиш ўтган йилнинг ноябрь ойидан тўхтатилган ва автоматлаштирилган тўлов тизими жорий этилган, бироқ йўловчилар тасарруфида жетонлар қолгани эътиборга олиниб, шу кунгача пластик жетонлардан фойдаланиш амалиёти бекор қилинмаган эди.