Ҳукумат ҳар йили апрель ойида “Китобхонлик ҳафталиги” ўтказишга қарор қилди

Ўзбекистонда келаётган йилдан бошлаб ҳар йили апрель ойининг биринчи ҳафтасида “Китобхонлик ҳафталиги” ўтказилади. Бунга оид қарор республика ҳукумати томонидан 14 декабрь куни қабул қилинган.

Қарор билан 2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури тасдиқланган.

Мазкур дастурни амалга оширишнинг устувор йўналишларидан бири ўлароқ аҳолининг, аввало ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш, нашриётлар ва ижодкорлар фаолиятига кўмаклашиш, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни қўллаб-қувватлаш экани қайд этилмоқда.

Миллий дастур 3 босқичда амалга ошириш режаланган: биринчи босқич – 2020-2021 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича ташкилий-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш чора-тадбирлари амалга оширилади, иккинчи босқич – 2022-2023 йилларда китобхонликка оид инфратузилма мустаҳкамланади, учинчи босқич – 2024-2025 йилларда ёшларнинг китобхонлик маданиятини жадал ривожлантириш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ўсиши ҳисобига инсон капитали сифатини яхшилаш бўйича ишлар олиб борилади.

Дастурни 2020-2021 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”га кўра, нашриётлар томонидан ёзувчиларга ажратиладиган гонорар масаласини такомиллаштириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам назарда тутилган.