Кобулдаги терактда 103 киши ўлди, мамлакатда мотам эълон қилинди (ВИДЕО)

Ҳужумда жароҳатланганлар, 27 январь, 2018-йил.

Афғонистон пойтахти Кобулда ҳудкуш бомба ҳужумида камида 103 киши қурбон бўлди. Ҳодиса ортидан 28 январь Афғонистонда мотам куни, деб эълон қилинди. АҚШ президенти Доналд Трамп барча мамлакатларни ушбу ҳужумни уюштирган Толибларга қарши “кескин чора” кўришга чақирди.

Афғон расмийларига кўра, 27 январь куни тушдан кейин Кобул марказидаги одамлар кўп тўпланган жойда худкуш бомба ҳужуми оқибатида ўлганлар сони 103 кишига етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Воҳид Мажрўҳнинг 28 январь куни хабар қилишича, ҳужум вақтида ярадор бўлган кишилар сони 191 нафарга етган. Расмийлар олдинроқ уларнинг сони 151 киши эканини билдирган эди.

Толиблар воизи Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг иддао қилишича, ушбу урушлар оқибатида вайрон бўлган шаҳарда сўнгги йилларда юз берган энг йирик ҳужум ортида ушбу жангарилар ташкилоти турибди.

АҚШ президенти Доналд Трамп барча мамлакатларни ушбу ҳужумни уюштирган Толибларга қарши “кескин чора” кўришга чақирди.

"Мен бугун Кобул шаҳрида ўнлаб бегуноҳ одамларнинг ёстиғини қуритган ва юзлаб кишиларни ярадор қилган қабиҳ бомба ҳужумини кескин қоралайман. Ушбу қонли ҳужум бизнинг ҳам, афғон ҳамкасбларимизнинг ҳам террорчиликка қарши курашга бўлган қатъиятимизни оширди", деди Трамп 27 январь куни тарқатган баёнотида.

Ҳудкуш ҳужуми Афғонистон Ички ишлар вазирлигининг эски биноси олдида, Европа Иттифоқи ваколатхонасига яқин жойда рўй берди.

Кобул полицияси раҳбари Ҳақнавоз Ҳақёр ҳужум ҳукумат бинолари, чет эл элчихоналари ва дўконлар жойлашган Садорот майдонида содир этилганини қайд этди.

Ички ишлар вазирлигига кўра, худкуш ҳужумчи текширув постларидан ўтиш учун тез ёрдам машинасидан фойдаланган.

Ҳужумчи тез ёрдам машинасини портлатгич билан тўлдириб, жамоат транспорти учун ёпиқ бўлган дипломатик кварталга ўтган ва портлатгични ҳаракатга келтирган.

Афғон полициясига кўра, ҳудкуш назорат пунктидан ўтаётганида тез ёрдам машинасида бемор борлигини айтган.

Иккинчи назорат пунктига келганида хавфсизлик хизмати ходимлари уни тўхтатишган, ҳудкуш эса шу пайт портлатгични ҳаракатга келтирган.

Гувоҳлар портлаш юз берган жойдан юзлаб метр наридаги бинолар ҳам унинг кучи таъсирида қаттиқ силкинганини айтмоқда.

Шунингдек, АҚШ президенти Трамп тарқатилган баёнотида “Қўшма Штатлар Афғонистонни террорчилардан холи ва хавфсиз мамлакат қилиш мажбуриятини олган. Чунки террорчилар америкаликлар, иттифоқчиларимиз, яъни ким уларнинг разил мафкурасини тан олмаса, ўшаларни нишонга олмоқда”, деб таъкидлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам ҳужумни қоралади.

Ушбу ҳужум Кобул шаҳридаги Интерконтинентал меҳмонхонасига уюштирилга босқиндан сўнг орадан бир ҳафта ўтиб содир бўлди. Ўшанда 25 киши қурбон бўлган эди.

27 январь куни яна Афғонистон жанубидаги Ҳелманд вилоятида худкуш автомобилга ортилган бомбани портлатиши оқибатида камида 6 киши ўлди. Ўша ҳужум ҳам хавфсизлик кучларига қарши қаратилган эди.

Ҳелманд вилояти ҳукумати матбуот котиби Умар Звакнинг айтишича, худкуш ҳужумчи Над Али туманидаги Қари Поста хавфсизлик постига бостириб киришга уринган.

Афғонистон ҳукумати вакиллари ҳам, президент Трамп ҳам, АҚШ ҳукумати аъзолари ҳам Покистонни “Толибон” ёки Ҳаққоний исёнчилар ташкилотининг Афғонистонда фаолият кўрсатаётган гуруҳларига бошпана бераётганликда айбламоқда.

Расмий Исломобод айбловларни рад этмоқда.