Коронавирус қурбонлари сони камида 760 нафарга етди

Ўзбекистонда ўтган кеча-кундузда коронавирус юқтириб олган беморлардан яна икки нафари вафот этди. Бу билан мамлакатда COVID-19 қурбонлари сони камида 760 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган йил сентябридан буён коронавирус важидан вафот этганларнинг қайси ҳудуддан экани, қаерда даволангани, уларнинг ёши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмай келмоқда.

ССВ қайдича, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар, 7 июль ҳолатига кўра, 114 минг 529 нафарга етган.

Чоршанба куни мамлакат бўйлаб барча ҳудудларда 490 нафар киши коронавирусга чалинган. Айни пайтда кеча яна 208 нафар кишида пневмония аниқланган.

Бу орада ўтган кеча-кундузда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 365 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 110 минг 41 нафарни ташкил этган.