Коронавирусга чалинганлар сони 93 мингдан ошди, эмланганлар сони 1 миллионга яқинлашди

Ўзбекистонда шу кунгача коронавирус инфекциясига қарши эмлаш жараёнида 1 миллион 9 минг 510 доза вакцинадан фойдаланилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 5 май куни мамлакат бўйлаб жами 45 минг 616 доза вакцина қўлланилган, улардан биринчи босқич эмланганлар 34 минг 89 нафарни, иккинчи босқичда эмланганлар эса 11 минг 527 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтгача фойдаланилган 1 миллион 9 минг 510 доза вакцинадан 32 минг 533 дозаси иккинчи босқичда қўлланилгани эътиборга олинса, биринчи босқичда эмланган сони 976 минг 977 нафар экани маълум бўлади.

Бу орада Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 5 май ҳолатига кўра, 93 минг 176 нафарга етган.

ССВ қайдича, ўтган кеча-кундузда мамлакатнинг истисносиз барча ҳудудларида 452 киши коронавирус юқтириб олган, бу рақам эса жорий йил ҳисобидан янги аксилрекорд бўлиб ҳисобланади.

Айни пайтда чоршанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 440 нафар бемор тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 88 минг 975 нафарни ташкил этган.

Вазирлик тиббиёт муассасаларида ҳозирда 3544 нафар бемор муолажа олаётганини билдирган, қурбонларнинг умумий сони эса, сўнгги расмий маълумотларга кўра, 657 нафарга етган.