Коронавирусга қарши тўлиқ эмланганлар сони қарийб 5 миллион нафарга етди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши тўлиқ эмланган фуқаролар сони, жорий йилнинг 7 октябрь ҳолатига кўра, 4 миллион 941 минг 860 нафарга етган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошланган апрель ойидан шу кунгача мамлакатда 21 миллион 978 минг 290 доза вакцинадан фойдаланилганини билдирган.

ССВ қайдича, кеча мамлакат бўйлаб 419 киши коронавирусга чалинган, шу тариқа хасталик юқтириб олганларнинг умумий сони 177 минг 383 нафарга етган.

Сешанба куни Наманган ва Сирдарё вилоятларидан ташқари барча ҳудудларда 399 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 172 минг 656 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 263 нафарга етганини қўшимча қилган.

Вазирлик маълумотига мувофиқ, 7 октябрь куни 18 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 27 минг 416 киши пневмонияга чалинган. Булардан 25 минг 791 нафари соғайиб чиққан, 233 нафари эса вафот этган.