Туркиянинг Истанбул халқаро аэропортида об-ҳаво шароитининг ноқулайлиги важидан 25 январь кунги HY-271 Тошкент – Истанбул рейси вақти соат 07.40 дан 13.00 га кўчирилган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Uzbekistan Airways авиаширкати матбуот хизмати бунга Истанбул аэропортида кузатилаётган кучли қор ва кўришнинг етарли даражада эмаслиги сабаб бўлганини билдирган.
Айни пайтда авиаширкат юқорида қайд этилган сабабга кўра Истанбул – Тошкент йўналиши бўйича HY-072 вақти соат 12.30 дан 17.50 га кўчирилганини очиқлаган.
Uzbekistan Airways мазкур хабарномасида Урганч – Тошкент йўналиши бўйича HY-056 рейси вақти ҳам соат 16.20 дан 20.05 га ўзгартирилганини қўшимча қилган, бироқ бунинг сабабини изоҳлаган эмас.
Истанбулда одатий бўлмаган кучли қор ёғиши кузатилаётгани, ноқулай об-ҳаво шароити туфайли транспорт ҳаракатида муаммолар юзага келгани ҳақида аввалроқ ижтимоий тармоқларда турли хабар ва видеолар тарқалган эди.