Маҳаллабай ишлаш агентлигининг асосий вазифаларига оид қарор имзоланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 24 декабрь куни “Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қарор билан агентликнинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Ўзбекистонда тадбиркорликни ва маҳаллаларни иқтисодий ривожлантириш борасида ягона давлат сиёсатини юритиш, маҳаллабай ишлашнинг вертикал тизими асосида аҳолининг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш ва ўқитиш ҳамда ўзини ўзи банд қилиш фаолиятига йўналтириш, ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчиларининг фаолиятини мувофиқлаштириш кабилар шулар жумласидандир.

Ҳужжатга мувофиқ, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги таркибига ўтказилган. Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги таркибида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси ташкил этилган.

Ўзбекистонда маҳаллабай ишлаш учун алоҳида агентлик тузилиши ҳақида президент Ш. Мирзиёев шу йил 2 декабрида ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирган эди.