Ўзбекистонда янги ўқув йилида ягона мактаб формаси мажбурий бўлмайди

Иллюстратив сурат.

2022-2023 ўқув йилида ягона мактаб формаси мажбурий бўлмайди ва мактабга формада келмаган ўқувчиларга эътироз билдирилмайди. Бу ҳақда Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов АОКАда 27 июль куни ўтказилган брифингда маълум қилди.

Бундан ташқари вазир ўқувчи қизларнинг мактабда очиқ рангдаги миллий рўмолни бошнинг орқа томонидан ўраган ҳолда юриши тақиқланмаслигини ҳам алоҳида таъкидлади. Қизларнинг мактабга кийиб келадиган юбкаси ва кофтасининг узунлигини узайтиришга ҳам рухсат берилади.

Вазирнинг айтишича, маҳаллий ҳокимиятлар кам таъминланган оилаларга бюджет ҳисобидан мактаб формасини сотиб олишга кўмак беради. Мактаблар маъмуриятлари ота-оналарни формани муайян бир жойдан харид қилишга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас.

Август ойидан бошлаб Ўзбекистоннинг шаҳар ва туманларида мактаб формаси сотувчи ярмаркалар ташкил этилади.