Марказий банк асосий фоиз ставкасини яна ўзгаришсиз қолдирди

Тошкентдаги Марказий банк биноси

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви жорий йилнинг 29 июль куни асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

МБ матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур қарор мамлакат иқтисодиётида “нархларни оширувчи хатарларнинг ортиши ва пандемия билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашиб бориши шароитида жорий йил учун инфляциянинг прогноз кўрсаткичларига эришиш ҳамда иқтисодий фаолликни қўллаб[1]қувватлаш ўртасидаги мувозанатни таъминлаш мақсадида” қабул қилинган.

МБ қайдича, июнь ойи якунлари бўйича йил бошидан бери инфляция даражаси 4,4 фоизни ташкил этган ва йиллик инфляция даражаси 10,9 фоизга тенг бўлган.

Регулятор жорий йилнинг II чорагида базавий инфляция кўрсаткичи пасаювчи динамикага эга бўлиб, июнь ойи якуни бўйича йиллик 10,2 фоизни ташкил этгани ва унинг умумий инфляцияга ҳиссаси 7,8 фоизгача камайганини билдирган.

МБ иддаосича, 2021 йилнинг I ярим йиллигида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,2 фоизни ташкил этган. Шундан саноат 8,5 фоизга, хизмат кўрсатиш 18,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги 1,8 фоизга ва қурилиш ишлари 0,1 фоизга ўсган.

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 2020 йил сентябрь ойида асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгилаган, ўтган йилнинг октябрь ва декабрь ойларида, шунингдек, 2021 йил 21 январи, 11 марти, 22 апрели ва 10 июнида бу кўрсаткични ўзгаришсиз қолдирганди.

МБ бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича галдаги йиғилиши 2021 йил 9 сентябрига белгиланган.