Марказий банк асосий фоиз ставкасини яна ўзгаришсиз қолдирди

Тошкентдаги Марказий банк биноси

Ўзбекистон Марказий банки бошқарувининг 9 декабрь куни ўтказилган йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

МБ матбуот хизмати маълумотига кўра, бу қарор 2022 йил инфляция прогнозларига эришиш учун мутаносиб пул-кредит шароитини яратиш мақсадида олинган.

Регулятор жорий йилнинг ноябрь ойида йиллик инфляция кўрсаткичи 10,3 фоизни ташкил этгани, бунда юқори база эффекти ҳисобига инфляциянинг ёқилғи ва траспорт хизматларидан ташқари барча гуруҳларида йиллик ўсиш суръатлари ўтган ойларга нисбатан секинлашганини қайд этган.

“Ноябрь ойи якунлари бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг йиллик ўсиши 13,4 фоизни ташкил этган бўлса, ноозиқ-овқат ва хизматлар гуруҳлариники мос равишда 7,9 ва 8,1 фоиз даражасида бўлди”, дейилган МБ хабарномасида.

Марказий банк тахминича, Ўзбекистонда жорий йилнинг 11 ойида қайд этилган иқтисодий фаоллик ва тармоқлардаги ижобий кўрсаткичларни ҳисобга олиб йил якунлари бўйича иқтисодий ўсиш суръати 6,5-7,2 фоиз атрофида бўлиши кутиляпти.

Регулятор мамлакатга кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоизга ўсиб, 7,3 миллиард долларга етгани ва аҳолининг истеъмол талабини қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлганини қўшимча қилган.

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 2020 йил сентябрь ойида асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгилаган, ўтган йилнинг октябрь ва декабрь ойларида, шунингдек, 2021 йил 21 январи, 11 марти, 22 апрели, 10 июни, 29 июли, 9 сентябри ва 21 октябрида бу кўрсаткични ўзгаришсиз қолдирганди.

МБ бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича галдаги йиғилиши 2022 йилнинг 20 январида ўтказилиши кутилмоқда.