Март ойи охиригача Минскка учта қўшимча рейс амалга оширилади

Жорий йилнинг 24, 28 ва 31 март кунлари Тошкент - Минск - Тошкент йўналиши бўйича қўшимча қатновлар амалга оширилади. Бу ҳақда Uzbekistan Airways авиаширкати матбуот хизмати маълум қилди.

Мазкур парвозларни Транспорт вазирлиги ва қатор маҳаллий нашрлар Ўзбекистон ва Беларусь пойтахтлари ўртасида мунтазам авиақатновнинг тикланиши ўлароқ тақдим этаётган бўлсалар-да, авиаширкат хабарномасида бу борада ҳеч қанақа маълумот берилган эмас.

Парвозлар учун чипта нархи 4 миллион 710 минг сўм (эконом класс) ва 7 миллион 450 минг сўм (бизнес-класс) қилиб белгиланган.

Аввалроқ Озодлик расмий манбаларга таянган ҳолда Ўзбекистонга кириб келаётган барча шахслардан ўз ҳисобидан аэропорт, темир йўл вокзали ёки чегара пунктида коронавирусга антиген экспресс тест олиш тартиби шу йил 15 мартидан бошлаб бекор қилиниши хабар қилганди. Мамлакатда карантин чоралари яна кучайтирилаётган шу кунларда йўловчилар учун аэропорт ва вокзалларда тест топшириш талаби қайта тикланадими-йўқми – ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.