Марказий банк асосий фоиз ставкасини яна ўзгаришсиз қолдирди

Марказий банк биноси

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 2020 йил 10 декабрида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда МБ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

“Ушбу қарор 2020 йилдаги пул-кредит сиёсати юмшатилишининг иқтисодиётга таъсирини сақлаб қолиш, шунингдек, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва 2021 йилнинг I ярмида иқтисодий фаоллик тикланишининг давом этишини қўллаб-қувватлашга қаратилган нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини таъминлаш мақсадида қабул қилинди”, дейилган МБ хабарномасида.

Марказий банк Ҳукумат билан биргаликда инфляциянинг 2021 йилга мўлжалланган йиллик 10 фоиздан паст оралиқ мақсадли кўрсаткичига эришиш учун барча зарурий чораларни кўриб боришини билдирган.

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви сентябрь ойида асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгилаган, октябрь ойида эса ўзгаришсиз (14 фоиз) қолдирганди.

Хабарномага мувофиқ, МБ ташқи ва ички шароитлар таъсирида инфляциянинг омиллари ва хатарлари моҳиятини синчковлик билан ўрганишни давом этади ва инфляциянинг прогноз динамикасидан келиб чиқиб, асосий ставка бўйича тегишли қарорларни қабул қилади.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича галдаги йиғилиши 2021 йилнинг 21 январига белгиланган.