Марказий банк асосий фоиз ставкасини яна 14 фоиз даражасида қолдирди

Тошкентдаги Марказий Банк биноси

Ўзбекистон Марказий банки бошқарувининг 9 сентябрь куни ўтказилган йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

МБ матбуот хизмати қайдича, бу қарор иқтисодиётда нархларни оширувчи омиллар ва уларнинг таъсир даражаси билан боғлиқ ноаниқликларнинг сақланиб қолиши шароитида йил якунига қадар инфляция даражасини 10 фоизгача пасайтириш ҳамда иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни сақлаб қолиш мақсадида олинган.

Регулятор иддаосича, жорий йилнинг ўтган 8 ойида Ўзбекистонда иқтисодий фаолликнинг жадаллашиши давом этиб, аксарият тармоқларда ўсиш кўрсаткичлари пандемиягача бўлган даражага етган.

МБ январь-август ойларида миллий валюта бўлган сўмнинг алмашув курси 10449-10683 сўм/АҚШ доллари оралиғида тебраниб, йил бошидан бери 2 фоизга қадрсизланганини қўшимча қилган.

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 2020 йил сентябрь ойида асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгилаган, ўтган йилнинг октябрь ва декабрь ойларида, шунингдек, 2021 йил 21 январи, 11 марти, 22 апрели, 10 июни ва 29 июлида бу кўрсаткични ўзгаришсиз қолдирганди.

МБ бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича галдаги йиғилиши 2021 йил 21 октябрига белгиланган.