МБ: Ўзбекистонликлар хорижга ўтган йилдагидан кўпроқ пул жўната бошлаган

Жорий йил январь-ноябрь ойлари мобайнида Ўзбекистондан хорижий мамлакатларга йўлланган трансчегаравий пул ўтказмалари миқдори 1 миллиард 80 миллион долларга етган. Марказий банк маълумотига кўра, бу 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 119 миллион долларга ёки 12 фоизга кўпдир.

Айни пайтда ўтган 10 ой ичида Ўзбекистонга келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 5 миллиард 440 миллион долларни ташкил этган. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 85 миллион долларга ёки 2 фоизга камдир.

МБ хулоса ўлароқ йил бошидан бери трансчегаравий пул ўтказмалари бўйича ижобий сальдо 4 миллиард 360 миллион долларга етганини қайд этган.