Меҳнат вазирлиги Юқоричирчиқда мактаб ўқувчилари мажбуран ишлатилганини тасдиқлади

Иллюстратив сурат

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидаги 23-мактаб ўқитувчилари ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилганини тасдиқлади.

Вазирлик хабарномасида қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар юзасидан Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиш ўтказилган.

Ўрганиш натижасига кўра, шу йил 15 ноябрида синф раҳбари ўқувчиларни мактаб ҳовлиси ва ташқари ҳудудини тозалашга мажбуран жалб қилгани аниқланган.

“Шунингдек, бу каби ҳолат ҳафтасига кўп маротаба такрорланиб келаётганлиги ўз тасдиғини топди”, дейилган хабарномада.

Текширув ортидан Давлат меҳнат инспекцияси вакиллари вояга етмаганлар меҳнатидан маъмурий тарзда мажбурлаш йўли билан фойдаланилгани юзасидан далолатнома расмийлаштиришиб, ҳужжатларни мамлакат Жиноят кодексининг 148²-моддасига асосан қонуний чора кўриш учун Тошкент вилояти прокуратурасига юборганлар.