Тошкентнинг Сергели туманида 14 декабрь куни 47-йўналишдаги автобус ёниб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Ёнғин соат 15:21 да Тошкент шаҳар Сергели тумани “Дўстлик-1” даҳасида юз берди. Вазирлик 2 та ўт ўчириш экипажи тўрт дақиқада ҳодиса жойига етиб келгани ва ёнғин 15:34 да ўчирилганини билдирди.
“Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда мутахассислар томонидан ёнғин сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда”,-дейилади хабарда.
Тошкентда 2013 йилдан бошлаб Mercedes русумидаги автобусларнинг ёниб кетиши тез-тез кузатилмоқда. Озодлик радиоси бундай ҳолатларнинг камида 20 таси тўғрисида ўз вақтида хабар берган эди.
Тошкент расмийлари 2008 йилдан бошлаб сотиб олина бошланган Mercedes автобусларининг ёниши сабаблари тўғрисида шу кунгача изоҳ бермаган.
Мустақил экспертлар эса ёнғинларга автобусларга белгиланган меъёрдан бир неча баробар кўп йўловчи олиниши ва ҳайдовчилар томонидан техник талаблар бажарилмаётгани сабаб бўлаётганини айтган.