Миришкор туман ҳокими ўринбосари 50 минг доллар пора олаётганида ушланди

Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари 50 минг доллар пора олаётганида қўлга тушди.

Бош прокуратуранинг 7 февралда билдиришича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168 -(Фирибгарлик) ва 28-, 211- (Пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.

Вилоят ҳокими Муроджон Азимов аппарат йиғилишида Миришкор тумани ҳокими ўринбосарининг қўлга олиниши тафсилотларини маълум қилди. Унга кўра, ўринбосар фуқаролардан бирига ер олиб бериш учун 80 минг доллар сўраган. Ўринбосар 5 февраль куни сўралган пулнинг 50 минг долларини олаётган пайтида қўлга тушган.

Бундан аввал Бекобод шаҳар ҳокимлигининг етакчи мутахассиси 128 минг доллар, Жиззаҳ шаҳар ҳокими ўринбосари 2 минг доллар, Наманган туман ҳокими ўринбосари 10 минг доллар, пора олаётган вақтда қўлга олингани хабар қилинганди.