Мирзиёев ва Путин “стратегик шериклик”ни муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 февраль куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, унда кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқотда ўзаро савдони кўпайтириш, етакчи корхоналарнинг саноат кооперациясини чуқурлаштириш, қўшма Лойиҳалар офиси доирасида устувор тармоқлардаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилган. Жумладан, “Иннопром. Марказий Осиё” халқаро кўргазмаси ва Ўзбекистон-Россия ҳудудлар форумини ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Январь ойининг охирларида эълон қилинган Статистика қўмитасининг ҳисоботида, Россия 2022 йилда Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида биринчи ўринни эгаллагани қайд этилган эди.

Статистик маълумотларга қараганда, 2022 йилда Россия билан савдо айланмаси 22,9 фоизга ошди ва 9 миллиард 279 миллион 700 минг долларни ташкил этди.

Россияга экспорт ҳажми 46,8 фоизга кўпайиб, 3,07 миллиард доллар бўлди. Импорт эса 13,7 фоизга ошиб, 6,2 миллиард долларга етди.