Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари Қозоғистондаги вазиятни муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон.

5 январдан эътиборан таътилга чиққани маълум қилинган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 январь куни Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Мулоқот давомида “Қозоғистонда вужудга келаётган ҳолат юзасидан фикр алмашинди”.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, икки мамлакат етакчилари ҳозирги воқеаларнинг иштирокчиси бўлган томонларни вазминликка ва вужудга келган масалаларни тинч йўл билан ҳал қилишга чақирдилар.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот ўтказгани хабар қилинган эди.

Мирзиёев Қозоғистоннинг биродар халқи ва раҳбариятини уларнинг мамлакат барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларида доимо қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаган.

Янги йил бошидан суюлтирилган газ нархи оширилишига қарши Қозоғистон ғарбида бошланган норозилик тўлқини 3 кун ичида бутун мамлакат бўйлаб ёйилган.

Норозиликлар ортидан 5 январда ҳукумат истеъфога кетган ва аввалги президент Нурсултон Назарбоев Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан озод қилинган, шунингдек, қатор расмий идораларда етакчи кадрлар алмаштирилган.