Мирзиёев 15-16 март кунлари Туркияга сафар қилиши кутилмоқда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 март куни Туркияга йўл олади.

Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, 16 март куни Анқарада Туркий давлатлар ташкилоти раҳбарларининг “Табиий офат ҳамда фавқулодда вазиятларни бошқариш ва инсонпарварлик ёрдами” мавзусида навбатдан ташқари саммити бўлиб ўтади. Мазкур саммитда Шавкат Мирзиёевнинг ҳам иштирок этиши кўзда тутилган.

Саммит февраль ойида Туркияда содир бўлган зилзила туфайли юзага келган фавқулодда ҳолатни муҳокама қилиш учун платформа вазифасини бажаради. Унда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг лидерлари ташкилот доирасида табиий офатларни ва фавқулодда вазиятларни бошқариш ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашишади.

Саммит доирасида икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказилиши режалаштирилгани айтилмоқда.

Жорий йилнинг 6 февраль Туркия жануби-шарқида, расмий маълумотларга кўра, 7,7 ва 7,6 балли ер силкиниши кузатилган. Бунинг ортидан 10 та вилоятда қурбон бўлганлар сони, сўнгги маълумотларга мувофиқ, қарийб 48,5 минг нафарга етган.

Зилзила ортидан бошқа давлатлар қатори Ўзбекистон ҳам Туркияга ёрдамга ошиққан. Хусусан, 8 февраль куни Ўзбекистондан борган 71 кишилик тиббий отряд зилзиладан жабрланганларга 24 кун давомида кўмак кўрсатган. Ўтган вақт мобайнида улар жами 3860 кишига ёрдам кўрсатиб, 6 март куни Тошкентга қайтган.

Ўзбекистондан борган тиббий отряднинг Туркиянинг Ҳатай вилоятида дала госпитали ташкил этгани, шунингдек, зилзиладан жабр кўрган туркияликларга ўзбекистонликлар томонидан 170 тоннадан зиёд инсонпарварлик ёрдами йўллангани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Тиббий отряддан ташқари президент Мирзиёев топшириғи билан Ўзбекистон ФВВсидан 100 кишилик қутқарувчилар гуруҳи зилзила ҳудудига бориб, қидирув-қутқарув ишларини олиб борган ва 25 февраль куни ортга қайтган эди.