Мирзиёев барча корхоналарда халқаро стандартларни жорий этиш бўйича кўрсатма берди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги халқаро талаблар билан уйғунлашмаган қолган 11 мингта миллий стандарт ўрнига халқаро стандартларни қабул қилиш ҳамда 2023 йилдан барча корхоналарни ушбу стандартларга ўтказиш бўйича кўрсатма берди. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, бу ҳақда Ш. Мирзиёев 17 май куни техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология миллий тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тақдимоти билан танишиш чоғида билдирган.

Қайд этилишича, президент “Ўзстандарт” агентлиги тизимидаги 20 та синов лабораторияси фаолиятини халқаро даражада ташкил этиб, биринчи навбатда озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, электр техникаси, енгил саноат, гигиена ва парфюмерия маҳсулотлари ҳамда қурилиш материалларининг халқаро стандартларга мувофиқлигини баҳолашни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлаган.

У Европа Иттифоқининг “GSP+” тизими доирасидаги имтиёзлардан кенг фойдаланиш учун корхоналарга халқаро сертификатлар олишда кўмаклашиш кераклигини қайд этган.

Шунингдек, давлат раҳбари томонидан Жаҳон савдо ташкилотининг Савдодаги техник тўсиқлар ҳамда Санитария ва фитосанитария чоралари тўғрисидаги битимлари нормаларидан келиб чиқиб, ушбу соҳаларга масъул идораларнинг ваколатларини аниқ белгилаш вазифаси қўйилган.