Мирзиёев Бухорода ўтган йилги табиий офат ортидан амалга оширилган тикланиш ишларини кўздан кечирди

Президент Ш. Мирзиёев 2020 йил 28 апрелида Бухоро вилоятига бориб, Олот ва Қоракўлдаги табиий офатдан зарар кўрган жойларни вертолётда кўздан кечирганди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 21 январь куни Бухоро вилоятига бориб, ўтган йил апрелида юз берган кучли шамол оқибатида зарар кўрган ҳудудларни вертолётда кўздан кечирди.

2020 йилнинг 28 апрелига ўтар кечаси Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарёда кучли шамол бўлгани, бунинг оқибатида Бухоро вилоятида 1 одам вафо этгани, камида 41 одам жароҳатлангани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.

Табиий офат туфайли Бухорода 5200 дан зиёд бинога (4800 таси аҳоли уйи) шикаст етган. Ш. Мирзиёев ҳодисанинг эртасига Бухоро вилоятига бориб, Олот ва Қоракўлни вертолётда айланганди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, табиий офат ортидан Олот, Қоракўл, Жондор, Ромитан, Пешку ва Шофиркон туманларида 45 мингта уй, 204 та кўп қаватли турар жой таъмирланган. Мингдан ортиқ ижтимоий соҳа ва тадбиркорлик объектлари, йўллар, электр, газ ва алоқа тармоқлари тикланган.

Олотга сафари чоғида Шавкат Мирзиёев мазкур туман вакилларидан ташқари Қоракўл, Жондор ва Шофиркор туманлари фаоллари ҳамда маҳалла раислари билан учрашган.