Мирзиёев бюрократик тўсиқларни қисқартиришга оид фармон имзолади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистонда 450 дан ортиқ қонун ҳужжатида белгиланган 18 турдаги маълумот ва ҳужжатнинг аҳоли ҳамда тадбиркорлардан талаб этилиши бекор қилинган, ушбу ҳужжатлар ваколатли давлат органи томонидан “Электрон ҳукумат” платформаси орқали олинади.

Бунга мамлакат президенти томонидан шу йил 23 март куни имзолаган “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон асос бўлган.

Фармон билан 2021 йил 1 июнидан давлат хизматлари кўрсатиш ва ортиқча тартиб-тамомилларни қисқартириш бўйича қуйидаги енгилликлар яратилади:

  • етти турдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини (туғилиш, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралиш, ўлим, исм ва фамилияни ўзгартириш, оталикни белгилаш ҳамда фарзандликка олишни) қайд этиш;
  • никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш;
  • хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади.

Айни пайтда нотариал ҳаракатларни амалга оширишда ФҲДЁ билан боғлиқ барча маълумотлар, фуқаролардан талаб қилинмасдан, электрон тизими орқали олинади.

Ҳужжатга мувофиқ, тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларнинг вакилига давлат хизматларидан фойдаланиш учун йиғим ва давлат божини нақд пул шаклида тўлашга рухсат берилган.

Хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимини аккредитация қилишда ОИТС касаллиги йўқлиги тўғрисидаги сертификатни талаб қилиш амалиёти ҳам бекор қилинган.

Шунингдек, QR-код (матрик штрихли код) орқали берилган ҳужжатлар бўйича уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилинган. Қайд этилишича, эндиликда ушбу ҳужжатларнинг дубликатини ЯИДХП орқали бепул олиш мумкин.

Фармонга мувофиқ, 2021 йил 1 июлидан солиқ органларида солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритиш жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)дан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Мазкур рақам барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ягона идентификатор деб ҳисобланиши белгиланган.