Мирзиёев ҳукуматга ички бозордаги нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича топшириқ берди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 март куни мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан Тошкентда ўтказилган йиғилишда Вазирлар Маҳкамасига ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш юзасидан топшириқ берган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур талаб буғдой, ўсимлик ёғи, шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилувчи тадбиркорларга кўмаклашиш орқали аҳоли талабини қондириш кабилар ўз аксини топган.

Йиғилишда Мирзиёев инфляция даражасини камайтириш ва унинг мақсадли кўрсаткичларга тезроқ қайтишини таъминлаш ҳукуматнинг асосий вазифаси экани яна бир бор қайд этган.

Шунингдек, президент Марказий банкка ташқи валюта бозоридаги ноаниқ вазиятни инобатга олган ҳолда, ички валюта бозори барқарорлиги ва алмашув курси мослашувчанлигини таъминлашда эҳтиёткорона ёндашувни қўллаб бориш муҳимлигини эслатган.

“Бунда ички валюта бозоридаги ҳолатни кунлик кузатиб, тадбиркорларни, умуман, халқимизни жорий вазият, кутилаётган ўзгаришлар ва кўрилаётган чоралар ҳақида хабардор қилиш кераклиги таъкидланди”, дейилган президент матбуот хизмати хабарномасида.

Тошкентнинг асосий иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлган Россия қўшинларининг Украина ҳудудига бостириб кириши манзарасида Ўзбекистонда сўнгги ҳафталарда кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришда муаммолар кузатилаётгани, нархлар кўтарилаётгани, миллий валюта қадрининг тушиб бораётгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.