Мирзиёев икки кунлик давлат ташрифи билан Қозоғистонга сафар қилади

Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан, Тошкент, 2019 йил апрели

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қозоғистонлик ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев таклифига биноан 5-6 декабрь кунлари давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлади.

Президент матбуот хизмати қайдича, ташриф чоғида Нур-Султон шаҳрида олий даражадаги учрашув ва музокаралар бўлиб ўтади.

Сафар кун тартибидан сиёсий мулоқот ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало, иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалий алоқалар ва аниқ кооперация лойиҳаларини илгари суриш, шунингдек, маданий-гуманитар алмашинув дастурларини фаоллаштиришнинг долзарб масалалари ҳам ўрин олган.

Мирзиёев ва Тоқаевнинг халқаро масалалар юзасидан фикр алмашиб, минтақавий интеграциянинг асосий йўналишларини муҳокама қилиши ҳам кутилмоқда. Саммит якунида эса қатор икки томонлама ҳужжатларни имзолаш режаланган.