Мирзиёев “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” мажлисида иштирок этиш учун Қозоғистонга йўл олди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбарларининг “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги биринчи мажлисида иштирок этиш учун 27 октябрь куни амалий ташриф билан Остона шаҳрига жўнаб кетган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбирда Марказий Осиё мамлакатларининг етакчилари ҳамда Европа кенгаши президенти Шарль Мишель иштирок этади.

“Саммитда сиёсий мулоқотни ривожлантириш, ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш, савдо-иқтисодий шериклик ва маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинади”, дейилган хабарномада.

Озодлик аввалроқ инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланувчи тўртта халқаро ташкилот Шарль Мишелдан Қозоғистон ва Ўзбекистон лидерлари билан учрашув чоғида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги “долзарб масалалар”ни кўтаришни сўрагани ҳақида хабар қилган эди.