Мирзиёев президент сайлови куни ИИВнинг бир гуруҳ ходимига орден ва медаль улашди

Шавкат Мирзиёев 25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимга мукофот берди. Унинг ИИВ ходимларини мукофотлашга оид фармонини президент матбуот хизмати 24 октябрь, яъни президент сайлови куни ёйинлади.

Фармон матнидан келиб чиқилса, мазкур ходимлар “ички ишлар органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, Ўзбекистонда жамоат хавфсизлиги, халқ осойишталигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлидаги ибратли фаолияти, шарафли бурчини бажаришда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатгани, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги алоҳида хизматлари учун, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ўттиз йиллиги муносабати билан” мукофотланган.

ИИВ ходимлари, жумладан, II даражали “Шон-шараф” ордени, “Мардлик” ордени, “Дўстлик” ордени, “Жасорат”, “Содиқ хизматлари учун”, “Шуҳрат” медаллари билан тақдирланишган.

Шу куни Ш. Мирзиёевнинг Ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларига табриги ҳам эълон қилинди.