Мирзиёев Путин билан стратегик шерикликни янада ривожлантиришга оид масалаларни муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан 24 май куни ўтказилган телефон орқали мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги “стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари”ни муҳокама қилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мулоқот чоғида 2021 йилнинг ноябрь ойида Москва шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувда эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Телефон суҳбатида Мирзиёев билан Путин ишбилармон доиралар ўртасидаги кооперация алоқаларини чуқурлаштириш ва ҳудудлараро алоқаларнинг катта салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлигини қайд этишган, минтақа кун тартиби ва халқаро сиёсат масалалари юзасидан ҳам фикр алмашишган.

“Икки мамлакат Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқлик, ишонч ва дўстоналик руҳида ўтди”, дейилган президент матбуот хизмати томонидан ёйинланган хабарномада.

Кремль матбуот хизмати қайдича, Мирзиёев билан Путин ўртасидаги кечаги мулоқот Ўзбекистон томони ташаббусига кўра ўтказилган.