Мирзиёев Қозон гимназиясидаги ҳодиса муносабати билан Путинга ҳамдардлик билдирди

Қозондаги 175-гимназия олдида отишма қурбонларини ёдлаш учун қўйилган қўлбола хотира лавҳи, 2021 йил 11 майи

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозондаги гимназияда содир бўлган қуролли хуруж муносабати билан россиялик ҳамкасби Владимир Путинга ҳамдардлик мактуби йўллади.

“Фожиали воқеа – Қозон шаҳридаги мактабда содир бўлган отишма оқибатида бегуноҳ болалар ва ёши катталар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабар мени чуқур қайғу ва ларзага солди”, деб бошланган президент матбуот хизмати томонидан ёйинланган хат.

Ўзбекистон президенти мактубда ўз мамлакати “ҳеч қандай важ билан оқлаб бўлмайдиган ушбу мудҳиш зўравонлик ҳаракатини қатъий қоралаши”ни билдирган ҳамда Россия президентига, ҳодиса чоғида қурбон бўлганларнинг ота-оналари ва яқинларига ҳамдардлик изҳор этган.

“Ушбу мусибатли дамларда Ўзбекистоннинг кўпмиллатли халқи Россия халқи учраган жудоликка қайғудошдир”, дея якунланган Мирзиёевнинг Путинга мактуби.

Татаристон пойтахти Қозон шаҳридаги Жавдат Файзи кўчасида жойлашган 175-сонли гимназияда 11 май куни отишма юз бериб, унда камида 8 киши нобуд бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Татаристон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳодиса ортидан аксарияти мактаб ўқувчилари бўлган 20 дан ортиқ одам шифохонага ётқизилган. Улардан 6 нафари шифохонанинг жонлантириш бўлимида ётгани айтилмоқда.