Мирзиёев таътилдан қайтди ва Жиззахдаги ҳарбий қисмга ташриф буюрди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 январь куни Жиззах вилоятига бориб, Марказий ҳарбий округнинг артиллерия бригадасини бориб кўрган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Ш. Мирзиёев у ерда аскарларнинг ўқув-машғулотларини кўздан кечирган, мутасаддиларга бугунги кунда дунёда кузатилаётган хавф-хатарлардан келиб чиқиб, жанговар тайёргарликни янги поғонага кўтариш, хориж тажрибасини ўрганиш, энг илғор ахборот технологияларини ўзлаштириш бўйича кўрсатмалар берган.

Ҳарбий қисмдаги тиббиёт пунктини кўздан кечирган президент бу ердаги ускуна ва кадрлар салоҳиятидан фойдаланиб, ҳарбий қисм яқинидаги Олмачи маҳалласи аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказиш, халқ саломатлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш зарурлигини таъкидлаган.

Ўтган ҳафта Озодлик Шавкат Мирзиёев 4 январдан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққани ҳақида хабар қилган эди. Бу президентнинг таътилдан кейин мамлакат бўйлаб чиқилган илк сафаридир.

Аввалроқ Озодлик Жиззах шаҳридаги Мустақиллик кўчасида қурилаётган кўп қаватли уйнинг бир қисми 10 январь оқшомида қулаб тушгани ҳақида хабар қилган. Президент ўз сафари чоғида мазкур ҳодиса содир бўлган жойга бориш-бормаслиги ҳозирча маълум эмас.