Мирзиёев Тожикистонга ташрифи чоғида Хўжандга ҳам сафар қилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу йил 10-12 июнь кунларига мўлжалланган Тожикистонга расмий сафари доирасида Хўжанд шаҳрига ҳам ташриф буюради. Бу ҳақда “Азия-Плюс” ахборот агентлиги Тожикистон ҳукуматидаги ўз манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, Хўжандга сафар чоғида Мирзиёевга тожикистонлик ҳамкасби Эмомали Раҳмон ҳамроҳлик қилади.

Икки давлат лидери Сўғд вилояти марказига Душанбеда расмий музокаралар якунланганидан ҳамда 30 дан зиёд ҳукуматлараро шартнома имзоланганидан кейин бориши кутилмоқда.

Хўжандга сафар чоғида Шавкат Мирзиёев Сўғд вилоятининг савдо-иқтисодий салоҳияти билан танишиб, бир қанча саноат корхоналарга бориши ва тарихий-маданий объектларни зиёрат қилиши режаланган.

Ўтган ҳафта Тошкентга Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода бошчилигидаги ҳукумат делегацияси ташриф буюриб, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 8-йиғилишида иштирок этганди. Маълумотларга кўра, музокаралар чоғида Ўзбекистон билан Тожикистон савдо айланмасини яқин йиллар ичида 1 миллиард долларга етказиш имкониятлари муҳокама этилган.