Мирзиёев Евроосиё иқтисодий кенгаши виртуал йиғилишида қатнашади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 декабрь куни Евроосиё иқтисодий кенгашига аъзо давлатлар раҳбарларининг онлайн шаклда ўтказиладиган галдаги йиғилишида иштирок этади.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбир Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон президентидан ташқари Россия, Беларусь, Қирғизистон ва Арманистон раҳбарлари ҳамда ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат бўлган Куба етакчилари қатнашиши айтилмоқда. Ўзбекистон мазкур ташкилотга 2020 йилнинг декабрь ойида кузатувчи давлат мақомида қўшилган.

“Саммит кун тартибига мувофиқ, ЕОИИ доирасидаги интеграция жараёнларини кенгайтириш ва ушбу кўп томонлама тузилма фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади”, дейилган хабарномада.

Мирзиёевнинг шу йил ноябрь ойида Россияга қилган сафари олдидан экспертлар Путин билан учрашув Ўзбекистоннинг Кремль томонидан тузилган Евросиё иттифоқига қўшилишига олиб келиши борасида турли тахминларни илгари суришган. Бунга икки тарафлама учрашув олдидан қилган чиқишида Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистоннинг ЕОИИга тўлақонли аъзо бўлишига умид қилаётгани ҳақида айтган гаплари ҳам сабаб бўлган.

“Ўзбекистонлик ҳамкорларнинг Ёвросиё иқтисодий иттифоқи фаолияти билан янада яқинроқ алоқада бўлиши ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун яхши истиқболларни очади. Ўтган йил охирида Ўзбекистон интеграция бирлашмамизда кузатувчи мақомига эга бўлган эди. Ишончим комилки, аъзолик Ўзбекистон томонига ҳам, ЁОИИ таркибидаги аъзо бошқа давлатларга ҳам ҳақиқий фойда келтиради”, деган эди Путин ўшанда.

Бироқ Ўзбекистон президентининг Москвага ташрифи чоғида ремлда ўтган музокараларнинг матбуот учун очиқ қисми ва қўшма баёнотларда Россия етакчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзолик борасида ҳеч нарса дейилган эмас.