Мозаик паннолар маданий мерос объекти ўлароқ қўриқланади

Тошкентда оқ ранг билан бўяб ташланганидан сўнг қайта тикланган мозаик панно (архив сурати)

Ўзбекистоннинг саккиз вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент шаҳридаги жами 160 чоғли мозаика композицияси, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 25 мартидаги қарорига кўра, монументал санъат ёдгорлиги ўлароқ Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилди.

Ҳукумат қарорида бу ишни амалга оширишдан мақсад “моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ҳамда турар ва нотурар жойлардаги санъат ёдгорликларини тартибга солиш ҳамда давлат муҳофазасига олиш, мозаика, панно ва тасвирий санъат асарларини ҳар томонлама ўрганиш, сақлаш ва улардан оқилона фойдаланиш”, шу билан биргаликда, Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини оширишда “тасвирий санъат асарларининг ўрни ва аҳамиятини ошириш учун шарт-шароитлар яратиш” экани урғуланган.

Қарорга мувофиқ, бинолар деворларига ишланган мозаика композициялари белгиланган тартибда давлат кадастрига киритилиб, мозаикали биноларнинг кадастр ҳужжатига мазкур объектлар маданий қийматга эгалиги тўғрисида тегишли ёзув киритилади.

Аввалроқ Ўзбекистондаги айрим бинолардаги мозаик паннолар бўяб ташланиши ёки уларга шикаст етказилиши каби ҳолатлар кузатилган. Бу ҳолатни вандализм дея баҳолаган жамоатчилик фаоллари расмийларни бинолар деворларидаги тасвирий санъат намуналарини муҳофаза қилишга чақиришган эди.

Бинолардаги мозаик панноларни муҳофаза қилишга оид ҳукумат қарори ўзбек расмийлари “Бухоронинг тарихий ҳудудида бузиш ва қуриш ишларини олиб бормаслик юзасидан ЮНЕСКОга берган ваъдасини бузган”и юзасидан танқидлар янграётган бир пайтда чиқарилди.